АЙДАРКЎЛ

АЙДАРКЎЛ

Матн: Роҳат ЖЎРАЕВА, Дилобар ДОВУРОВА

Жиззах ва Навоий вилоятлари ҳудудида ястаниб ётган Айдаркўл мамлакатимиздаги табиий кўлларнинг энг каттаси ҳисобланади. Манбаларда ёзилишича, ўтган асрнинг бошларида Нурота тоғлари ён бағрида Тузкон кўли бўлган. Туз аҳолига шу ердан етказиб берилган. Кейинчалик сув тошқинлари вужудга келиб, Арнасойдаги кичик кўллар  бирлашиб, Фориш туманининг дашт томони сув билан қўшилиб кетган. Шу тариқа Айдаркўл республикамизнинг энг улкан сув ҳавзасига айланган. Кўл жуда маҳобатли, унинг бир томони уфққа туташиб кетган. Эрта тонгдан қуёш бўй кўрсатгач, теварак-атроф қирмизи тусга кириб, сув сатҳи ҳақиқий жозиба касб этади.

Кўл кўплаб сув ҳавзаларидан иборат, табиати мўътадил. Бу ерда эрта тонгданоқ қушларнинг баланд овоздаги шовқин-сурони эшитилади. Айниқса, сақоқушлар шовқини олис-олисларгача садо беради. Биз соҳил бўйлаб борарканмиз, сув қушлари бошимиз узра чарх урар ва ҳавога кўтариларди. Қушларнинг кўплиги ва турли-туманлиги ақлни шоширади. Улар парвози ажиб бир гўзаллик бағишлайди.

Бу қушларни ўтроқ ва кўчиб юрувчиларга ажратиш мумкин. Қорабузов, оқбош ўрдак, қашқалдоқ, қирғовул кабилар ўлкамизда муқим яшайди. Илгари кўлда қорабузов ва чағалайлар бармоқ билан санарли даражада эди. Эндиликда улар сони кўпайиб, бошқа сув қушларининг тури ҳам ортиб бормоқда. Улар гала-гала бўлиб, товушсиз ҳаракат билан сувнинг тебранишидан ўлжасини осон топадилар. Шунингдек, қирғоқ бўйидаги ўсимликлар ва дон-дунлар билан озиқланиб, етарли ёғ захирасини тўплайди.

Қалин чакалакзорларда товуқсимонлар туркумига кирувчи қирғовуллар ҳам кўзга ташланиб қолади. Хўрозининг кўзлари атрофи қизғиш, боши кўк рангда бўлиб, бўйин қисмидаги оқ ҳошияси уни янада ёрқинлаштиради. Танасининг ярмидан ортиғи дум. Модасини ўзига хос қичқириқ билан жалб қилади. Мода қирғовул унинг олдида кўримсиз, тана усти қум рангда бўлиб, қўнғир доғлари бор. Хавф-хатар туғилгудек бўлса, учишга мажбур бўлади. Аммо улар дадил ва тез югура олади. Тустовуқларни, айниқса, очиқ табиат оғушида кузатиш ниҳоятда завқли.

Сув қушлари чегара билмайди. Уларнинг кўчиб юриши – яшаш учун курашдан иборат. Айдаркўлда қишда ҳам сув музламагани учун минглаб ранг-баранг қушлар гала-гала бўлиб, арғимчоқ ҳосил қилиб, Узоқ Сибирь ва Урал ортидан учиб келишади. Шулардан сақоқуш, қорабузов, оқбош ва олақанот ўрдаклар, оқ пешонали ва қизилтомоқ ғозлар, ноёб ва камёб оққуш ҳамда турналар бир-бири билан ўзаро хабар алмашиб, озуқа мўл бўлган жойларни топишади.

Йиртқич қушлардан оқдумли сувбургути ҳамда сувқирғийлар ўткир кўзли айёр “овчилар”дир. Улар худди яшиндек тез ҳаракатланиб, балиқларни оёқ панжалари билан осонгина тузоққа илинтиради. Оққушлар – “кўл маликалари” ҳисобланиб, жуда чиройли ва ҳуркак. Сувда сузиб юрувчи йирик қушлардан. Кўриниши қордек оппоқ, тумшуғи сариқ. Бўйни тана узунлигига тенг.

Кулранг ғоз нодир паррандалардан ҳисобланиб, учиш олдидан бир оз югуриб, сўнгра истар-истамас ҳавога кўтарилади. Унинг ташқи кўриниши жуда чиройли. Устки қисми кулранг, қорин томони оқ патлар билан қопланган, тумшуғи эса қизил рангда. Оёқ панжалари пардали бўлганидан сувда тез ва яхши сузади. Уларни қамишли ҳавзаларда учратиш мумкин. Кулранг ғозлардан ташқари ёввойи ва кўк ғозлар ҳам кўзга ташланиб қолади. Улар бу ерга қишлаш учун учиб келадилар.

Ўрдаксимонлар туркумига кирувчи чуррак юввош ва ҳуркмас қуш. Секин ҳаракатланади. Ташқи кўриниши кулранг. Оёқ панжалари пардали бўлганлиги сабабли сувда тез сузиб, чуқур шўнғий олади. Сув тагида узоқ вақт тура олиши билан бошқа қанотли қушлардан фарқ қилади.

Айдаркўлда балиқхўр қушларнинг йигирмага яқин тури мавжуд бўлиб, улардан қоравой, қашқалдоқ ва сақоқушлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Шимолдан учиб келган қушлар ўлкамизда тўхтаб, дам олиб, озиқланиб, куч тўплаб, яна келган жойига қайтиш тадоригини кўришади. Узоқ сафар олдидан гала ҳосил қилиб, бир хил йўлдан учиб кетишади. Қисқаси, Айдаркўл – сув қушлари учун жаннатмакон гўша.   

Баҳор ойлари кўлнинг сув сатҳи кўтарилиб, қирғоқлардан тошади. Янги сув ҳавзалари вужудга келади. Биз қирғоқ бўйлаб борарканмиз, қизил шўразор ва шувоқзорлар эътиборимизни тортди. Кўлнинг қумли соҳиллари кўриниб, юлғун ва қамишзорлар ҳам кўзга ташланиб турарди. Саксовул шохлари тарвақайлаб, танаси йўғонлашиб кетган. Улар қишда қушларга бошпана, ёзда соябон вазифасини ўтайди. Бундан ташқари, йирик буталар, қуёнсуяк, черкез, қандим каби чўл ўсимликлари кўкка бўй чўзиб, қумкўчкилар олдини олади.