АФСОНАЛАР ВОДИЙСИ

АФСОНАЛАР ВОДИЙСИ

        155 гектар майдон. 123 миллион долларга тенг лойиҳа. Наманган шаҳридаги собиқ “Машраб боғи” ва бугунги “Афсоналар водийси”.

         Айни пайтда 16 турдаги атракционли тематик парк, 2400 ўринли амфитеатр, 7 хил сув аттракционлари ва 16 та бассейнли аквапарк, 2 та замонавий шаршара ва мусиқали фаввора, 3 та ресторан, 1800 ўринли 2 та автотураргоҳ ташкил этилган. 2022 йил март ойига қадар миллий ҳунармандлар маркази, масжид, 400 ўринли меҳмонхона, 110 та виллани ишга тушириш режалаштирилган. 1 минг 500 та иш ўрни яратиш кўзда тутилган бу масканда бугунги кунда 600 нафар ишчи-ходим фаолит юритмоқда.

Айрим объектлар, жумладан 30 июнда тантанали очилиш маросими бўлиб ўтган мусиқали рангли кема-фаввора ёз ҳароратини қалбларга кўчириб, кўнгилларга ажиб шодлик улашмоқда. Осиёда ягона бўлиши таъкидланаётган мусиқали фаввора объектида Хитой, Россия ва Ўзбекистон давлатларида ишлаб чиқарилган технологиялардан фойдаланилган. Фаввора технологиялари тўлиқ қувватда ишласа 100 метр баландликка кўтарилади, барча рангларда турланади ҳамда Ўзбекистон давлат байроғи ва икки елканлик кема кўринишини акс эттиради. Монтаж ишлари тўлиқ якунлангач, бир ҳолатда ҳавода 40 тоннага яқин сув муаллақ туради. Ҳаво намлигини кучайтиради.

Шунингдек, мазкур ҳудудда ҳозирда бир вақтнинг ўзида 15 минг кишини сиғдира олувчи масжид қурилмоқда. Туркиялик тажрибали архитекторлар томонидан яратилган лойиҳа асосида қад ростлаётган масжид майдони 20 минг квадрат метрни ташкил этади. Масжид 3500 ўринга (атрофидаги очиқ намозгоҳларни қўшиб ҳисоблаганда 15 000 ўринга) мўлжалланган. Унда каттагина кутубхона, анжуманлар зали ва узоқ жойдан келган меҳмонлар учун ҳам алоҳида шароитлар яратилиши назарда тутилган. Қурилиши ишлари 70 фоизга якунланган.

Вазирлар Маҳкамасининг “Наманган шаҳрида замонавий маданият ва истироҳат боғини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 16 сентябрдаги қарорига мувофиқ яратилаётган улкан  дам олиш маскани аллақачон ташриф буюрувчилар билан гавжум.