ГЎШТЛИ АФҒОНЧА “ҚОБИЛИЙ” ПАЛОВ

ГЎШТЛИ АФҒОНЧА “ҚОБИЛИЙ” ПАЛОВ

  • Post category:Таомлар

Керакли масаллиқлар:

  • 1 кг гуруч
  • 1 кг гўшт (молнинг гардан қисми ёки сон қисми бўлса, ниҳоятда мазали чиқади)
  • 250 гр ёғ
  • 500 гр пиёз
  • 500 гр сабзи
  • 200 гр қизил майиз

Ярим пиёла (қовурилган ва парракланган) писта мағзи

Ярим пиёла (қовурилган ва парракланган) бодом мағзи

Туз, мурч ва зира

Тайёрланиш усули:

1 кг гўштни 5-6 бўлакка бўлиб, кейин 2 дона каттароқ пиёзни паррак-паррак қилиб тўғраб олинади. Кейин ўртачароқ қозонга 2 литр сув солинади. Сувга гўшт, тўғралган пиёз, бир ярим ошқошиқ томат пастаси ва таъбга қараб туз солиб, қайнатилади. Бир қайнаб чиққач, оловни пастлатиб, гўшт пишгунча қайнатилади.

Қозонга 250 гр ёғ солиб, қизитилади ва пиёзни қизартириб олинади. Сўнг пишириб олинган гўшт бўлаклари ва сомонча шаклида тўғралган сабзи солинади. Кейин майиз солиб, 4-5 дақиқа қовурилади. Қозонда қовурилаётган сабзи ва майизнинг бир қисмини алоҳида идишга олиб қўйилади. Кейин қозондаги масаллиқнинг устини текислаб, аввалроқ гўшт қайнатилган сувнинг қарийб ярми солинади. Бир қайнаб чиққач, оловни пастлатиб, зирвакнинг тузи ростланади.

Ярим чой қошиқ қора мурч ва бир чой қошиқ зира солинади. Зирвак 15 дақиқа қайнагач, иссиқ тузли сувда ивитилган афғон гуручи (ёки “Басмати”)да 30 дақиқа дамланади. Устига бир четга олиб қўйилган қовурилган сабзи ва майизни ҳам гуручнинг бир четига қўйилади.

Паловни идишга сузиш аввал гуруч, кейин сабзи, майиз ва гўшт кетма-кетликда солинади, устидан пўсти тозалаб, паррак-паррак қилинган бодом ва писта мағизлари сепилади.

Илова: Афғонистонда гўштли “Қобилий” паловини норинж (лимоннинг бир тури) ва лайм қўшиб, ейилади. Чунки “Қобилий” палови ўта мазали бўлгани боис, уни ҳаддан зиёд кўп еб юбориш эҳтимолини назардан соқит этолмайсиз. Шунинг учун тезроқ ҳазм бўлиши учун паловнинг устидан норинж ёки лайм бўлакларининг шарбатини сиқиб, ейдилар.

Палов тайёр! Ёқимли иштаҳа!