ЖАНУБИЙ КОРЕЯ “ТАШРИФ ҚОҒОЗЛАРИ”

ЖАНУБИЙ КОРЕЯ “ТАШРИФ ҚОҒОЗЛАРИ”

Матн: Севара АЛИЖОНОВА

Кореяликлар миллий либоси ҳанбок билан ҳақли равишда фахрланадилар. Бундан юз йиллар аввал у кундалик либос бўлган, ҳозирда эса асосан тантанадли кунларда кийилади. Ҳар бир кореялик ҳанбокни болалигидан –  илк туғилган кунини нишонлаган кездан ўзгача иштиёқ билан қарши олади. Мамлакат аҳолисини миллий кийимда асосан никоҳ тўйи базмида, 61-йиллик юбилейида, фестивалларда, Янги йил байрамида учратиш мумкин. Ҳар бири учун алоҳида танланган дизайн ва фасон мавжуд.

Ҳанбок – корейсча либос деган маънони англатади. У оддий ёқа, думалоқ, кенг ўлчам ва ўзига хос кийилиш услуби билан ажралиб туради. Кўринишдан оддий бўлишига қарамай, либос эгасига нафосат бағишлайди. Енгил бурма ва силлиқ мато шоҳона кўриниш тақдим этади. Энг муҳими, ҳанбок исталган одам юзига мос келади.

  • Корейслар миллий ошхонасини ҳансик деб атайдилар. Европа ва Хитой ошхонаси анъаналари билан таққослаганда, корейс овқатлари ҳайвон оқсили кам, сабзовотлар кўп ишлатилиши билан ажралиб туради. Асосий истеъмол маҳсулоти гуруч ҳисобланиб, уни турли сабзавотлар, илдизлар, балиқ ва денгиз маҳсулотлари бойитади. Шу хусусиятларига кўра, корейс ошхонаси соғлиқ ва кўркам қад-қомат учун жуда фойдали ҳисобланади. 3,2 фоиз аҳолидагина ортиқча вазн муаммоси мавжуд. Шу сабабли ҳозирда корейс ошхонаси бутун дунёда оммалашиб бормоқда. Энг оммалашган таомлари – кимчи, пибимпап, кальби, пульгоги, чапче, миёк-кук, тток.
  • Жанубий Корея – пластик жарроҳликнинг пойтахти ҳисобланади. Корейс косметик воситалари дунёга янгича стандартлар қўйди: BB ва CC кремлар, турли ниқоблар ва шиллиққурт косметикасининг мисли кўрилмаган муваффақиятидан сўнг, Корея гўзаллик саноатининг етакчисига айланди. Мамлакатда йилига 800 мингга яқин пластик операциялар (ички бозорни ҳисобга омлаганда) амалга оширилади, бу рақам йилдан-йилга ортиб бормоқда. Юқори даражали хизмат кўрсатиш малакаси, катта тажриба, сўнгги технологиялар ва мослашувчан нарх сиёсати йилига минглаб хорижий мижозларни корейс клиникалари томон элтмоқда.
  • Мамлакат, шунингдек, IT ва кенг толали технологияларнинг тарқалиши бўйича 1-ўринни эгаллайди. Кореяда барча соҳалар, банк-молия, таълим, соғлиқни сақлаш, аҳолига хизмат кўрсатиш ва савдо, тўлов жараёнларининг ҳаммаси электрон кўринишга ўтган. Анъанавий жамиятдан ахборотлашган жамиятга ўтган саноқли давлатлардан бири.
  • Жанубий Корея кўпчиликка тарихий сериаллари ва тарихий масканларининг кўплиги билан ҳам машҳур. Айнан сўнгги технологияларни ишга солган ҳолда Корея кинематографияси ҳам анча илгарилаб кетган. Жумладан, 4DX ва ScreenX глобал кино технологияларидан фойдаланувчи 17 та давлатдан бири.