Замзам булоғи

Замзам булоғи

Оби Замзам – Макка шаҳридаги Масжидул-Ҳарам саҳнидаги муқаддас булоқ. Замзам Қуръони каримда ҳам тилга олинган. У билан юз-қўлларни ювиш, ичиш ҳаж ва умра амалларини бажаришнинг белгиси ва савобли иш ҳисобланади.

Муқаддас булоқ Каъба ёнида бўлиб, ҳозирги вақтда пастда – алоҳида ва махсус жойга ўтказилган етти юз ўттиз учта сув жўмраклари орқали ичилади. Булоқ суви кенглиги бир қаричдан ортикроқ пўлат қувур орқали чиқади, ойнабанд хонада хизматчилар уни Масжиднинг биринчи, иккинчи ва учинчи қавати (томи)га тарқалишини назорат қилиб турадилар. Сув тарқатиш ускуналари кеча-кундуз бетўхтов ишлайди. Саккиз мингта махсус катта термослар ҳам доимий равишда Замзамга тўлғизиб турилади. Аммо Замзам тарқатиш шу билан кифояланиб қолмайди. Ҳарами шарифдан узоқроқ жойларга Замзамни идишларда олиб кетиш учун марказлар қилинган. Улардан миллионлаб ҳожи ва умрачилар кўтарганларича олиб кетмоқдалар. Сув ташиш машиналари тинмай Мадинаи Мунаввара ва Саудиянинг бошқа шаҳарларига Замзам ташийдилар. Шунчалар кўп ишлатилишига қарамай кичкина бир қудуқнинг суви ҳеч камаймаслигининг ўзи катта мўъжизадир.

Ривоятларга кўра, булоқнинг пайдо бўлиши Иброҳим (а.с)нинг ўғли Исмоилнинг таваллуди билан боғланади: чўлда қолдириб кетилган биби Ҳожар чақалоғи Исмоил дунёга келгач, ювиниш ва чанқовини босиш мақсадида сув ахтариб шу яқиндаги Сафо ва Марва тепаликлари орасида етти марта елиб-югуради. Сув тополмай обдон толиққан она чақалоғи ёнига қайтса, унинг оёклари остидан сув чиқаётганлигини кўради. Нима қиларини билмай шошиб қолган биби Ҳожар “зам, зам!” (яъни, “тўхта, тўхта!”) дейди. Бошқа бир ривоятда онанинг мушкул аҳволидан бохабар бўлган Жаброил (а.с) ерни сийпалаб сув чиқариб берган дейилади. Лекин орадан кўп асрлар ўтиб булоқ кўзи ёпилиб қолади. Вақти келиб Муҳаммад (с.а.в)нинг бувалари Абдулмутталиб булоқ кўзини қайта очган.

Замзам суви ўзига хос хусусиятга эга. Таркиби киши танаси учун фойдали маъданларга бойлиги, ошқозон-ичак, қон томири ва бошқа баъзи касалликларга даво экани аниқланган. Шу боис “Замзам суви саломат киши учун таом, касалмандлар учун шифодир”, дейилган ҳадиси шарифда. Охирги сел пайтида Замзам мўъжизасини кўрганларнинг айтишларича, ҳарами шарифни сел лойқаси қоплаганда, Замзам лойқанинг устида кўтарилиб пок-покиза ҳолида отилиб чиқиб тураверган.

Рейн дарёси сувидан ичган кишининг куч-қуввати камайганини ҳужжатлар билан тасдиқлаган олмониялик доктор Кнут Пфайффер Замзам сувини тадқиқ этиш натижасида бу сувдан ичган кишининг 35 дақиқадан сўнг роҳатланишини исботлади. “Замзам суви ҳар қандай шароитда асл ҳолатини ўзгартирмайди, аммо бошқа нарсаларни ўзгартиради. Жуда ажойиб тажриба қилдим. Бир томчи замзам сувига юз томчи оддий сувдан аралаштирдим. Қарасам, бу сув бутунлай Замзам сувига айланибди. Кейин бир томчи Замзам сувига минг томчи оддий сувдан аралаштирдим. Бунинг ҳам ҳаммаси Замзам сувига айланганини кўрдим”, дейди у.

Овозлар замзам сувини ўзгартиради. Буни япон олими доктор Масура Эмото исботлаган. Олим Замзам ранги черковларда чалинадиган қўнғироқ овозидан қорайиши, азон ва Қуръони Карим ўқилганда эса тиниқлашишини тасдиқлади. Тадқиқотларда сувнинг ҳар бир кристали Каъба шаклига ўхшашлиги ҳам маълум бўлди. Масура Эмотонинг Замзам суви ҳақида ёзган асари Японияда энг кўп сотилган китоблар орасидан ўрин олган.


Аллоҳ таоло барчамизни Замзамдан қайта-қайта, тўйиб-тўйиб ичишни ва мақсадларимизга етишни мушарраф қилсин! Омийн!