ЛОНДОН “ТАШРИФ ҚОҒОЗЛАРИ”

ЛОНДОН “ТАШРИФ ҚОҒОЗЛАРИ”

Англияликлар табиатан жуда хушмуомала, шу билан бирга совуққонлиги билан танилган. Оилапарвар, томорқа ва жониворларни севувчи халқ. Ҳар бир хонадонда деворга соат ва оилавий фотосуратлар жамланмасини осиб қўйиш одат тусига кирган. Хўш, Лондоннинг сиз билган ва билмаган “ташриф қоғозлари” нималар экан? Лондонга бирга саёҳат қиламиз.

         Лондон деганда, кўпчилигимизнинг кўз ўнгимизга албатта, биринчи галда диққатга сазовор жойлари келади. Жумладан, Биг Бен, Букингем саройи, Вестминистр аббатлиги, Вестминистр саройи, Лондон кўприги, Темза дарёси, дунёдаги энг катта чархпалак – London Eye… Булар, сўзсиз, Лондоннинг дунёга машҳур “ташриф қоғозлари”.

         Иккинчи масала, бу – об-ҳаво. Англияда об-ҳаво шу даражада тез ўзгарадики, эрталаб қуёш чиқиб турган бўлса, тушликда шовуллаб ёмғир қуйиб бериши ҳеч гап эмас. Шу сабабли, бу мавзу англияликларнинг энг севимли мавзуси. Икки лондонлик учрашиб қолса, албатта ҳол-аҳволдан сўнгги савол, об-ҳаво ҳақида бўлади. Англияликлар ўзларининг ёмғирли кунларига ишора қилиб, машҳур ибора қўллайдилар: “Бошқа давлатларда иқлим ҳукмронлик қилса, бизда об-ҳаво – ҳоким”. Лондонга боргудек бўлсангиз, албатта, соябонни ёддан чиқарманг.

         Лондонликларнинг ташриф қоғозларидан яна бири бу – чой. Узоқ вақт давомида Ҳиндистонни мустамлакасига олган Буюк Британия фуқароларига чойнинг турли рецептларини яратиб, чойхўрлик маданиятини шакллантирган. Дунёнинг бошқа бир жойида сут-чой Aнглиядагидек машҳурликка эришмаган. Чойга сут қўшиб ичиш анъанаси дастлаб инглизлар учун аччиқ туюлган чойнинг таъмини юмшатиш мақсадида қилинган деб ишонилади. Ушбу анъананинг пайдо бўлишининг яна бир назарияси машҳур инглиз чинни идишларини ҳинд ичимликларининг қорайишдан ҳимоя қилиш билан боғлиқ. Инглизлар 16 дан 18 соатгача бўлган вақт оралиғида чой ичиш одатига қатъий риоя қиладилар. Дастурхонда чойга қўшимча равишда кичик сендвичлар, ширинлик ёки қовурилган балиқ ва картошка фри тортилади. Улар бу вақтда ҳеч ишга чалғимай, кундалик ташвишлардан воз кечишади ва ажойиб ичимликнинг таъмидан завқланишади.

Лондон даблдекерлари (инглиз тилидаги  doubledecker – икки қаватли) – Лондонда шаҳар йўналишларида ишлайдиган икки қаватли қизил автобусларнинг номи. 1956 йилдан 2005 йилгача қатновда бўлган Рутмастер русумли автобус шаҳар тимсолига айланган. Лондонда замонавий икки қаватли автобуслар қаторига 2012 йилда фойдаланишга топширилган гибрид ҳайдовчига эга “Лондон учун янги автобус” туркуми қўшилган. Аммо икки қаватли қизил автоуслар Лондоннинг “ташриф қоғози”га айланиб улгурган.

Қизил телефон будкаси – Лондоннинг ажралмас рамзи. Биринчи қўнғироқ пунктлари Буюк Британияда 1880 йил охирида пайдо бўлган. Дастлаб улар турли хил ранглар, ўлчамлар ва ҳатто шаклларда бўлган. Бу шаҳар аҳолисига жуда кўп муаммолар туғдирган ва Лондоннинг консерватив услубини бузган. Шу сабабли, 1924 йилда телефон будкаси учун энг яхши дизайн танлови эълон қилинганё. Натижада, қизил рангли тўртбурчак шаклни таклиф қилган Жайлз Гилберт Скот лойиҳаси ғолиб бўлган. Уяли алоқанинг ривожланиши билан Лондонда телефон стендлари олиб ташланган. Aммо шаҳар аҳолиси бунга қарши чиққан ва “қизил будкалар” Лондон рамзи сифатида қолдирилган.

Спорт – инглизлар учун энг муҳим анъаналардан бири. Инглизлар болалигиданоқ миллий спорт турлари – поло, регби, голф, крикет, от пойгаси билан шуғулланадилар. Футбол ва теннисга эса алоҳида муҳаббат билан қарайдилар. Дам олиш кунлари нафақат стадионлар ва махсус жойлар, балки парклардаги оддий майсазорлар ҳам спорт ишқибозлари билан тўлади. Томошабинлар спорти инглиз мухлислари орасида жуда машҳур. Машҳур футбол клубларида барча чемпионатларда севимли жамоасини ва миллий терма жамоасини кузатиб борадиган мухлислар армияси мавжуд. Улар ҳордиқларини спорт орқали чиқарадилар.

Инглиз халқ рақслари орасида Моррис рақсининг алоҳида ўрни бор. Эркак раққослар гуруҳи ерда “+” шаклини ҳосиб қилиб, тамаки тутуни остида рақсга тушадилар. Aнъанага кўра, ушбу рақс турида ҳар доим реквизитлар –таёқ, қилич, рўмолча ишлатилган. Aммо бугунги кунда уларни фақат барча урф-одатларга риоя қилишга интиладиган халқ гуруҳларининг чиқишларида кўриш мумкин. “Моррис” Испаниянинг “Моrеscа” сўзидан келиб чиққан бўлиб, “қилич рақси” деган маънони англатади. Моорис рақси ҳақидаги битиклар 15 аср қўлёзмаларида учрайди. Унинг Англиянинг турли минтақаларида қабул қилинган 6 та тури мавжуд.