МЕКСИКА “ТАШРИФ ҚОҒОЗЛАРИ”

МЕКСИКА “ТАШРИФ ҚОҒОЗЛАРИ”

        Мексикаликлар меҳрибон, хушмуомала, қувноқ ва ҳаётни севувчи, кучли ватанпарвар халқдир. Улар байрамлар уюштириш, рақсга тушиш, бўш вақтларини мароқли ўтказишни яхши кўрадилар. Сўз эркинлиги таъминланган. Оилага катта эътибор қаратилади, фарзандни туғилмасдан нобуд қилиш қонунан таъқиқланган. Она культи мавжуд, она мексикаликлар учун муқаддас тушунча. Оилада эркак киши бошчилик қилади. Моддий бойликни намойиш этиш одат тусига кирмайди, шунга қарамай мексикаликларнинг қиммат автомобилга эгалик қилиш иштиёқи кучли. Вақтни жуда қадрлашади. Қуйида Мексиканинг бир қанча “ташриф қоғозлари” ҳақида сўз юритамиз.

  1. Мексика қадимий қадамжолари, диққатга сазовор жойларининг кўплиги билан сайёҳларни ўзига жалб этиб келади. Жумладан, Чичен-Ица, Теотиукан пирамидалари, Оаҳака мустамлака шаҳри, Юкатандаги майя шаҳри Ушмал харобалари, Попокатепетл вулқони этагидаги Пуэбла шаҳри, ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Такско шаҳри, жумбоқларга тўла Паленке шаҳарчаси, ўз навбатида, мамлакатнинг “ташриф қоғозлари” ҳисобланади.
  2. Мексиканинг миллий таомлари шунчаки мазали ва тўйимли эмас. Улар таркибида барча турдаги сабзавотлар, мевалар ва зираворлар кўплиги туфайли фойдали витаминлар ва минералларга ҳам бой.  Айниқса, соғлиқ ҳақида қайғурадиганлар мексика ошхонасининг бой менюсида ўзларига мос таомларни топа оладилар. Мамлакат бутун дунёга кокос ёнғоғи, помидор, какао, авакадо, папайя, ванил ва  бошқа кўплаб машҳур сабзавотларни тақдим этди, уларнинг аксарияти Мексика миллий ошхонасининг асосий маҳсулоти ҳисобланади. Дуккакли экинлардан ташқари мексикаликлар гўштни жуда хуш кўрадилар. Шунингдек, Мексика ошхонасида опунция, яъни кактус ишлатувчи ягона давлат ҳамдир. Энг машҳур 10 та миллий таомига қуйидагилар киради: такос ёки тако, кесадилья, фахитос, энчилада, тамале, гуакамоле, сальса, буритос, қизил ловияли шўрва, уэвос ранчерос.
  3. Пончо, сомбреро, панама, гуаябера, терно – сўзсиз, мамлакатнинг “ташриф қоғозлари”дан бири. Мексика кийимлари ёрқин ранглар, табиий мато ва ниҳоятда чиройли қўлда ишланган безаклар билан ажралиб туради. Энг донғи кетган кийимлардан бири бу, албатта, пончо. Бу қулай, иссиқ жунли камзул нозик дидли кийим шайдоларини ҳам бефарқ қолдирмайди. Эркаклар учун чиройли, енгил кўйлак – гуаябера ажойиб совға бўлади. Маҳаллий эркаклар бу кўйлакларни фақат байрам кунларида кийишади. Гуаябера иссиқ ҳавода жуда қулайлиги билан танга ёқади. Терно жуда бежирим ишланган аёллар ёзги либоси ҳисобланиб, уч қисмдан иборат: оқ кофта, ранг-баранг юбка ва гуллар билан безак берилган камзул. Бундай нафис ва ёрқин кийимдаги аёллар зинҳор эътибордан четда қолмайди.
  4. Лотин Aмерикаси – Мексика, Гватемала, Гондурас ва Салвадордаги миллионлаб одамлар “Dia de los Meurtos” – Ўликлар кунини нишонлайдилар. Бу байрам кўпроқ Мексикада машҳур. Aнъанага кўра, байрам 31 октябрда бошланади ва 2 ноябрда тугайди. Бу вақт ичида одамлар қариндошлари ва яқинларининг қабрларини тозалайди ва безатади, совғалар, озиқ-овқат қолдиради, шамлар ёқади ва қабрлар қуришади. Шунга ўхшаш фестиваллар қадим замонлардан бери Мексикада ўтказилиб келинмоқда. “Dia de los Meurtos” Испания босиб олинганидан бери, яъни 1519 йилдан кейин нишонлана бошланган. Юкатан ярим оролидаги майялар ўлганларга овқат олиб келишган, қўшиқлар куйлашган ва дуолар қилишган. Мексикаликлар учун ўлим – янги ҳаётнинг бошланиши, Худога етишиш дея қаралади, шунинг учун ўликлар куни байрам сифатида нишонланади. Бундан ташқари, коррида – буқалар жанги, Тласкала, Мазатлан, Мерида, Веракрус ва Тепостлан фестивалларини томоша қилиш ва иштирок этиш учун дунё бўйлаб жуда кўплаб одамлар ташриф буюришади.
  5. Кумуш ва обсидиандан ясалган тақинчоқлар мамлакатда кенг оммалашган. Турли хил кулолчилик буюмлари, ўйинчоқлар, мусиқа асбоблари, мунчоқлар, металл, ярим қимматбаҳо тошлар, патлар ва ҳоказолардан тайёрланган ҳунармандчилик буюмлари жуда қадрланади. Қўл меҳнати юқори баҳоланади. Жумладан, Чичен-Ица ва Ушмал эҳромлари нусхалари, нодир буюмлар, қовоқдан ишланган идиш, костюм ва ниқоблар харидоргир.
  6. Мексика – текила ва қайноқ шоколаднинг ватани. Маҳаллий аҳоли ичимликларга алоҳида эътибор беришади, янги турларини яратишга ишқибозлар. Мексикаликлар ичимликларни асосан ўсимлик ва дарахт япроқлари, новдалари, илдизлар, мева, сабзавот ва кўкатлардан тайёрлайдилар. Алкоголсиз ичимликлардан чампуррадо, мексика чойи, сангарита шарбати севиб истеъмол қилинса, текила, мексика пивоси ҳам дунёда ўз харидорларига эга.
  7. Санъат, меъморчилик, математика, астрономия ва фаннинг бошқа чўққиларини забт этган қадимги майя, ацтек ва инк қабилалари Гватемала, Гондурас, Салвадор билан бирга Мексика ҳудудида яшаб, ҳаёт кечиришган. Ҳозирги Мексика ҳудудида жойлашган, ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Паленке, Чичен-Ица ва Ушмал шаҳарлари харобалари мамлакатнинг “ташриф қоғозлари” саналади.