ТОРОНТО РАМЗИГА АЙЛАНГАН МИНОРА

ТОРОНТО РАМЗИГА АЙЛАНГАН МИНОРА

Cи-Эн Тауэр (CN Tower) 1976 йилдан 2007 йилгача дунёдаги энг баланд минора саналган. Унинг баландлиги 555,1 метр. Канаданинг Торонто шаҳрида қад ростлаган бино шаҳар рамзига айланган.
Миноранинг “Canadian National Tower” деб номланиши Канаданинг миллий темир йўл компанияси (Canadian National Railways)га тегишли бўлганлиги билан боғлиқ. 1995 йили эса минорани Канада автомобиль йўллари компанияси сотиб олган. Шаҳар аҳолиси телеминоранинг асл номини сақлаб қолиш мақсадида “Канада миллий минораси” деб атай бошлашди.

Дунёдаги етти муҳандислик мўъжизасининг бири бўлган телеминора қурилишидан кўзланган мақсад – сунъий йўлдош орқали узоқ масофаларга телевизион сигналларни узатиш бўлган. Бино юқорисига 2570 та зинадан иқиб борилади. 351 метр баландликдаги кузатув платформаси қуш парвози баландлигига тенг. Кузатув пастки қавати қалин шаффоф шиша билан қопланган, бу сайёҳларга шаҳар ичини шундоққина тепадан – оёғингиз остидан томоша қилишга имкон беради. Шишали пол ҳатто филни кўтарадиган даражада мустаҳкам.

Миноранинг 447 метр баландлигида дунёдаги барча обсерваториялардан кўра юлдузлар яқин жойлашган астрономик обсерватория мавжуд. 2011 йили Си-Эн Тауэрда  356 метр баландликда минора чеккаси бўйлаб айланиб ўтувчи аттракцион ишга тушди.

Бино ҳовлиси ҳайкаллар, аквариум ва фавворалар билан ташриф буюурувчиларга салқинлик ва гўзаллик ҳадя этиб турган парк билан ўралган. “360” номидаги ресторан эса нозиктаъб меҳмонларни бетакрор таомлари билан лол қолдиради. Хушманзара ва диққатга сазовор масканнинг эшиклари ҳар куни эрталабки соат 9 дан кечки 22:00га очиқ. Канадага йўлингиз тушса, Торонто телеминорасига чиқмай, қайтманг.