Февралда қаерларга бориш мумкин?

Февралда қаерларга бориш мумкин?

  • Post category:Тур агент

Бобур Удаев

HOLIDAY.UZ тур агентлиги директори

ТУР АГЕНТ ТАВСИЯ ҚИЛАДИ:

  • Ўтган йили бошланган пандемия, бедаво дард таҳликалари ҳамон тугагани йўқ. Бир йил уйга қамалиб, сайр-саёҳатимизни йиғиштиришга тўғри келди. Аммо шу йил бошидан қатъий чекловлар хийла юмшатилиб, айрим ўлкалар дарвозаси очилди. Февраль ойида ўзбекистонликларга қайси юртларни кезишни, қаерларга боришни тавсия этасиз?
  • Айни кунларда Туркия, БААнинг айрим амирликлари, Миср, Малдив ороллари, Шри Ланка, Занзибар ороли (Танзания) давлатларига 72 соатли PCR тест касаллик мавжуд бўлмаган ҳолатда киришга рухсат бор. Фақат айрим давлатлар ҳамон ёпиқ. Барча кўнгилочар жойлар, меъморий обидалар, диққатга сазовор масканларга кириш тўлиқ очилмаган. Ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб, Миср, Малдив, Занзибар ороллари, Дубай ва Шаржага боришни тавсия этаман. Чунки у ерларда умумий вазият анча барқарор. Курортлар, очиқ объектлардаги туризмбоп оромгоҳлар, касаллик тарқалишининг назоратда экани бу ерларга келувчиларнинг қарорига сезиларли таъсир кўрсатмоқда.
  • Сиз айтаётган жойларни кимдир кўп марталаб кезган, бошқаси илк марта боришни мўлжаллаётгандир. Яна кимдир тўлиқ айланиб, кўриб чиқишга улгурмагандир, балки. Келинг, шуларни ҳисобга олиб, ушбу элларнинг диққатга сазовор масканлари ҳақида гаплашсак.
  • Юқоридаги тавсия этилган ўлкаларнинг ҳар бири ўзига хос, бетакрор. Энг аввало, саёҳатчи нимани хоҳлаётгани, кўнгли қаерга чопаётганини аниқлаши муҳим. Романтик саёҳат учун Малдив ва Занзибар ороллари маъқулроқ. Сабаби, оппоқ қумлоқлар ва махсус Бунгаловларда ҳордиқ чиқариш, тропик мева-чевадан тўйгунча еб, манзарасидан роҳатланиш, сноркеллинг ёки дайвинг билан шуғулланиш мумкин. Ҳаммасиданам, делфинларнинг эрта тонгда гуруҳ-гуруҳ бўлиб сузиб юришини кузатишдан ортиқ мароқли томоша йўқ!

Кимгадир замонавий осмонўпар бинолар, адоғи йўқ савдо шохобчалари, олди-сотди ишлари қизиқ бўлса, БААнинг гавжум амирликлари энг бопи. Йўқ, менга сокинроқ, одам камроқ жойлар керак деса, Танзания дурустроқ. Машҳур Климанжаро чўққисини забт этиш ёки махсус жипларда саванналарга сафар қилиш, ёввойи табиатдан завқланиш имкони кенгроқ бу ерда.

Кимгадир Қизил денгиз сувости оламининг ноёб манзараси, қадимий шаҳарларга саёҳат, Нил дарёси бўйлаб круизда кўҳна соҳилларни кезиш, Луксор харобаларию, кун ботиш пайти Асванда сузиб юрган фелуккаларни кузатиш, дунёдаги илк университет (Ал-Азҳар)га ташриф буюриш қизиқ бўлса, Миср айни муддао. Обидаларга кириш ҳозир қайта очилган.

  • Кўплаб сайёҳлар қатори ўзбеклар ҳам “мозорбости” қилиб эсдалик совғаси билан қайтишни ва яқинларига улашишни хуш кўради. Сиз санаган ерларга боргач, сайёҳ ўзи билан нималарни олиб келиши мумкин?
  • Эсдалик совғаларига келсак, Мисрдан митти пирамидачалар, папирус ўрамлари, иероглифлар битилган тахтачалар, миллий бош-кийимлар шиша қумғонлар олиш мумкин. Танзаниядан бўлса, танзанит тошидан ишланган тақинчоқлар (бу тош фақат шу ерга хос) совғабоп бўлади. Бунга қўшимча, қўлда ишланган чарм буюмлар, артифаклар, антиқа мусиқа асбоблари, қадимий қабилалар ниқоби ҳам шу ердан топилади.

Ҳар хил ширинликлар, араб атир-упаси, хурмо, араб қаҳваси, туя сути қўшилган шоколод Дубайни эслатиб туради.

Малдив оролларидан олинган ҳар хил чиғаноқларга ишланган эсдалик совғалари, палма ёғочидан ишланган бежирим маҳаллий кемачалар яқинларингизни қувонтирмай қўймайди.

Маълумот учун:

Тошкент – Қоҳира – Тошкент авиачиптаси нархи 650 доллардан бошланади.

Тошкент – Шаржа ёки Дубай – Тошкент авиачиптаси 320 – 330 доллар атрофида.

Тошкентдан Малдивга бориш 1000 доллардан бошланади.

Тошкентдан Занзибарга бориб-келиш тахминан 850 долларга тўғри келади.

Меҳмонхоналар, саёҳат, гид ёллаш, шаҳар айланиш сарф-харажати сайёҳнинг сафарни режалаштиргани, неча кунга бориб қайтишига боғлиқ.

Чарос НИЗОМИДДИНОВА суҳбатлашди