Хориждаги ҳамюртимга блиц-саволлар:

Хориждаги ҳамюртимга блиц-саволлар:

Суҳбатдош: Севара АЛИЖОНОВА

Феруза Авазова (Алиқулова) – koreabyme.com ва kun.uz сайтлари мухбири. Икки фарзанднинг онаси. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультети ҳамда Корея Тараққиёт институти Давлат бошқаруви ва менежмент мактабида таҳсил олган.

–   Кореянинг сизга ёққан ва ёқмаган жиҳатлари қайсилар?

Корея жадал суръатда ривожланган, глобал миқёсда ўз ўрнига эга давлат. Мамлакатнинг менга энг ёққан жиҳати шундаки, қайси соҳа бўлмасин, энг сўнгги ахборот технологияларида фаолият кўрсатади. Биринчи марта 2015 йили Кореяга келганимда кўчадаги бекатлардан тортиб, аҳолига хизмат кўрсатиш пунктларигача электрон шаклда эканини кўриб, ҳайратланганман. Ўшанда автобуслар қатновини уяли алоқа телефони орқали кузатиш мумкин эди. Ҳамма бино, муассасаларда бепул wi-fi ўрнатилган. Тиббий хизмат кўрсатиш, жумладан, муомала маданияти, шифохоналарда яратилган шарт-шароитлар ўрнак олса арзигулик. Шу нуқтаи назардан Жанубий Кореяни одамларнинг яшаши ва хавфсизлиги учун жуда қулай давлат деб ҳисоблайман. Яна бир ёқадиган жиҳати, Кореяда таълимга катта эътибор қаратилган. Китобхонлик, матбаа соҳаси ривожланган. IT ҳаётимизга қанчалик кириб келишига қарамай, Корея ёшларининг китобга, таълимга бўлган интилиши, иштиёқи сўнмаган.

         Мусофирлар, сайёҳларни қийнайдиган жиҳат – энг аввало, таомлар ҳисобланади. Бу ерда мусулмонлар учун ҳалол маҳсулотларни топиш бироз қийинчилик туғдиради. Аммо кейинги йилларда Корея ҳукумати бу масалага ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда, жумладан, бозор ва дўконларда ҳалол ёрлиқли маҳсулотлар кўпайиб бормоқда. Иккинчи масала – об-ҳаво. Қишда Корея жудаям совуқ бўлгани боис бизга ўхшаган чет элликларнинг иқлимга ўрганиши қийин. Бунга чора сифатида автобуслар иссиқ ўринлар яратилган, ёпиқ бекатлар қурилган. Учинчиси эса кореяликлар ниҳоятда перфекционист бўлиб, ҳамма нарса ўз вақтида ва идеал даражада бўлиши шарт. Бу бевосита уларнинг эркинлиги ва шахсий ҳаётига салбий таъсир кўрсатади. Аҳоли ўртасида оммавий тушкунлик авж олган, ўз жонига қасд қилувчилар кўпчиликни ташкил этади. Назаримда, эркинлик етишмайдигандек туюлади. Лекин умумий олиб қараганда, Корея – ўрнак олса арзигулик мамлакат.

Кореяликликлардан нимани ўрганиш мумкин?

Биринчи ўринда кореяликлардан тинимсиз ўз устида меҳнат қилишни, изланишни ўрганиш керак. Тўрт йил мобайнида жуда кўп инсонларни кузатдим: курсдошларим, қўшниларим, турмуш ўртоғимнинг устозлари… Уларнинг ҳаёт тарзини кузата туриб амин бўлдимки, улар жуда тиришқоқ, ташқаридан умид, манфаат, ёрдам кутмайди. Асосий эътиборини билим олишга, ўзини ривожлантиришга қаратади. Камсуқум, камтар, омма олдида ўзини кўз-кўзлашга одатланмаган.

Кореяликлар таълими ва санъати орқали бутун дунёга ким эканликларини намоён этмоқда. Хусусан, корейсча қўшиқлар (кейпап), корейсча фильмлар, сериаллар (кейдрама) ҳозирда дунё бўйлаб оммалашган. Сабаби – жуда қизиқ ва ҳавас қилса арзигулик. Чунки корейсларнинг ҳар бирида тили, санъатига бўлган чексиз муҳаббат бор. Корейс ёшларининг ватанига ва санъатига бўлган бу муҳаббати мени лол қолдирди, тўғриси.

Кореянинг ташриф қоғозлари нима ёки қаер?

Кореянинг ташриф қоғозлари жудаям кўп.Улардан биринчиси – Кореянинг пойтахти Сеул шаҳри. Шаҳарда сайёҳлар кўриши лозим бўлган жойлар етарлича, жумладан, тоғ тепасидаги осмонўпар бино Намсан таур  (Namsan Tower). Пусан шаҳридаги балиқлар шаҳарчаси – Жагалчи бозори. Ҳаммамизга севимли “Қиш сонатаси” сериали суратга олинган Нами ороли, Кёнбоккун ва Чхандоккун саройларига албатта ҳар бир киши умри давомида бориши керак бўлган масканлар. 

Мамлакат билан боғлиқ энг ёрқин хотирангиз билан бўлишсангиз.

Энг катта, ёрқин хотирам – 2020 йили иккинчи фарзандим Имроннинг шу ерда, Кореяда туғилгани.Турмуш ўртоғимнинг докторантура, менинг магистратурада таҳсил олганимиз, турли миллат вакиллари билан танишганимиз. Кореяда ўқиб, яшаётганимиз ҳаётимиздаги энг муҳим босқич, тажриба мактаби бўлмоқда, деб айта оламан.

  • Келажагингизни қандай тасаввур қиласиз?
  • Тўғрисини айтсам, бу саволга жавоб беришга бироз қўрқаман. Чунки олдинда мени нима кутиб турганини билмайман. Насиб этса, Ўзбекистонга қайтиб, хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлашни жудаям хоҳлайман. Бу ерда кўп тажриба, билим тўпладим. Уларни “эскирмасдан” юртимиз учун манфаатли лойиҳаларга сарф этишни истайман. Кичкина бўлса ҳам ўз бизнесимни очиш ниятим бор. Ўтган йили Жанубий Корея Ташқи ишлар вазирлигининг “Корея аллими” олти ойлик дастурида қатнашдим, инглиз тилида мамлакат ҳақида турли мавзуларда мақола, хабарлар ёздим. Бу амалиёт келгусида шу давлатда профессионал касбим – журналистикада фаолият юритишим мумкинлигига ишора бўлди. Ҳозирда оналик таътилидаман. Асосий эътиборим фарзандларим парвариши, тарбиясига қаратилган.
  • Мазмунли ва қизиқарли суҳбатингиз учун раҳмат. Келгусидаги режаларингиз амалга ошишига тилакдошмиз. Ватанимиз номини хорижий ўлкаларда муносиб ҳимоя этиш бахти ва масъулияти Сизни ҳеч қачон тарк этмасин!
  • Таклифингиздан миннатдорман.