Японча таъзим ва табассум сири

Японча таъзим ва табассум сири

         Японияликлар саломлашиш, хайрлашиш, узр сўрашда, хайрихоҳлик, камтарлик каби туйғуларни ифодалашда таъзимга юзланадилар. Улар бир киши билан кун давомида неча бора учрашишидан қатъий назар ҳар гал таъзим қиладилар. Ҳаттоки велосипедда ўтирган чоғларида ҳам эгилишни канда қилмайдилар.

         Японча таъзимнинг ўз қонун-қоидалари мавжуд: оёқлар бир-бирига теккан ҳолда қўллар икки ёнда туриши, қаршидаги одамнинг кўзига тик боқмаслик керак. Шунингдек, таъзим кимга мурожаат этилаётганига қараб уч хил кўринишда бўлади. Нотаниш кимсаларга хиёл эгилиш кифоя қилса, ҳамкасбларга бироз эгилиброқ, узоқроқ таъзим қилинади. Энг қуюқ таъзим раҳбарият вакилларига нисбатан қўлланилади. Шундан қаршингиздаги одамнинг мақом-мавқеини билиб олса бўлади.

Япония телевидениеларида ахборий теледастурлар таъзим билан бошланиб, таъзим билан тугайди. Магазин ва савдо дўконларида харидорларни таъзим билан кутиб олиш учун махсус “эшик оғалари” тайинланган. Япониялик журналистлардан бирининг ҳисобича, ушбу ходимлар ҳафта давомида 5 кун ишласа, бир йил ичида  665 600 марта, агар 6 кун ишласа,  798 720  марта букилар эканлар.

Ҳозирда япониялик ёшлар ҳис-туйғуларини яхшироқ ифода этиш учун таъзим билан бирга сўздан ҳам фойдаланмоқдалар.

Кундалик таъзимлардан фарқли “dogeza” деб аталувчи, фақат японияликларга хос таъзим тури мавжуд. У жуда юқори мақомли киши учун ҳурмат-эҳтиром ифодаси сифатида ёки астойдил кечирим сўраш мақсадида амалга оширилади. Бунда тиз чўкиб, пешонани ерга теккизиб таъзим қилинади.

Табассум – японларнинг ахлоқий тамойилларидан бири. Кўплаб японияликлар узрхоҳлик, ийманиш ҳисларини табассум билан ифодалайдилар. Шунингдек, ноқулай вазиятдан ҳам табассум қилиб “қутуладилар”, айбини ювиш учун ҳам кулиб қўя қоладилар, қаршисидаги одам ҳам унга шундай мурожаат этса, демак, узри қабул бўлди, дегани. Баъзан японияликлар оғир дамларда ҳам ҳамсуҳбатига жилмайиб турадилар, сабаби шахсий ташвишларининг шеригига дахли йўқ. Хушмуомалалик билан дунёга танилган кунчиқар мамлакатга борсангиз, албатта, японча таъзим ва табассум қилишни унутманг. Зеро, бу иккиси сизнинг ахлоқингиз юксаклигига далилдир.