ҚОРБОБОНИ КИМ ЯРАТГАН?

ҚОРБОБОНИ КИМ ЯРАТГАН?

Янги йил байрамини бошқа байрамларга қараганда  ўзгача тарзда, интиқлик билан кутамиз. Бу байрам нафақат болаларнинг севимли байрами, балки катталар ҳам уни алоҳида тайёргарлик билан кутишади. Эски йилнинг  якунини билдирувчи соат миллари ўн иккига бонг урганда, мўъжиза рўй берадигандек янги йилни ҳаяжон билан қарши оламиз. Бир-биримизга самимий тилаклар билдирамиз. Бу байрамнинг яна бир ўзгача жиҳати, уни қорбобосиз тасаввур қилиб бўлмайди. Кичкинтойларимиз совға олиш умидида қорбобони мадҳ этувчи шеърлар ёд олишади. Бу уларга бир дунё қувонч ҳадя этибгина қолмай, балки болаликдаги гўзал, унутилмас хотираларига ҳам айланиб қолади.

Шу ўринда ҳаммага қувонч улашувчи қорбобо ҳақида айрим маълумотларни келтириб ўтамиз. 

Йил давомида узоқ ўлкаларни кезиб чиқадиган оқ соқолли қизил кийимдаги қорбобонинг бу кўриниши бутун дунёда деярли бир хил экан. Айтиш жоизки, қорбобомиз дарров бу кўринишга  эга бўлмаган. Аввал бошида у плашда тасвирланган. XIX аср бошида голландияликлар унга хушбичим мўри тозаловчи ролини тақдим этишган ва уларнинг таклифи бўйича қорбобо трубка ҳам чекар эди. Шу асрнинг охирларида ниҳоят унга ҳозиргидек четига мўйна тикилган қизил пўстинни “раво кўришди”. 1860 йилда америкалик рассом Томас Найт Қорбобони илк маротаба соқол билан тасвирлади. Инглиз рассоми Тенниел эса кўп ўтмай кўнгли очиқ, хушмуомала ва қорин қўйган чол қиёфасини яратди. Ва буларнинг барчаси бирлашиб ҳозирги ўзимизнинг қадрдон қорбобомизни “дунёга келтирди”.

Қорбобонинг кўриниши барча давлатларда деярли бир хил бўлса-да, унинг номланиши турлича. Масалан, Мўғулистонда Увлин Увгун, Италияда Баббо-Натале, Беларусда Зюзя,Францияда Пер-Ноэль, Арманистонда Дзмер Папи ёки Каханд Папи, Голландияда Синтерклаас, Грузияда Товлис Бабуа, Финляндияда Йоулупукки, Польшада Авлиё Николай, Хитойда Шан Дан Лаожен, Эстонияда Йиулувана, Англияда Фазер Кристмас, Швецияда Юльтумте, Японияда Сегацу-сан, Америкада Санта-Клаус, Россияда эса биз каби Қорбобо (Дед Мороз) дейишади. 

Қорбобони учратиш  барчамиз учун бирдек ёқимли, чунки болажонлар қорбободан ўзлари орзу қилган совғаларни  олишни сабрсизлик билан кутишса, биз катталар уни кўриб ёшлигимиздаги ажойиб хотираларни ёдга оламиз.

Янги йил барчага омадли, мўъжизаларга бой бўлсин!