TASHKENT CITY – ИШБИЛАРМОНЛАР ШАҲРИ

TASHKENT CITY – ИШБИЛАРМОНЛАР ШАҲРИ

Tashkent City – Тошкент шаҳрининг марказида қурилаётган замонавий шаҳарча. Уни “шаҳар ичидаги шаҳар” дея эътироф этишмоқда. Бу бежизмас. Ростдан ҳам бир шаҳарда яшаш учун неки зарур бўлса: ишхона, уй, сайлгоҳ, уй – ҳаммаси 80 гектарли ҳудудда мужассам бўлиши кўзда тутилган. Tashkent Cityда ана шундай ишбилармонлик марказлари, офислар, турар жойлар, парклар, ва бошқа ижтимоий объектлар жойлашмоқда.

Tashkent City Ўзбекистон тарихидаги илк халқаро ишбилармонлик марказидир. У фақат ўзбек сармоядорлари эмас, балки Туркия, Жанубий Корея ва Буюк Британия инвесторлари билан ҳамкорликда қурилмоқдa. Навоий шоҳ кўчаси, Ислом Каримов кўчаси, Фурқат кўчаси ва Олмазор кўчаси оралиғида жойлашган. Tashkent Cityнинг бир қисми қурилиб, ноябрь ойида фойдаланишга топширилди.

Истироҳат боғ қисми – “Tashkent City Park” маҳаллий аҳоли учун ажойиб совға бўлди. Истироҳат боғи қуриб топширилгандан буён ҳар куни гавжум. У Тошкентдаги бошқа истироҳат боғларидан бутунлай фарқ қилади. “Tashkent City Park” Ўзбекистондаги энг йирик истироҳат боғи бўлиб, ҳудуди 18,6 гектар. Боғда 4500 дона дарахт, йирик сув ҳавзаси, фаввора, 7D кинотеатр, планетарий, мумли қиёфалар музейи жойлашган. Қисқача айтганда, дунёнинг энг номдор истироҳат боғларидан тўпланган ғоялар мажмуи дейиш мумкин.

Истироҳат боғини айланиб юрган киши сеҳрли оламга тушиб қолгандек ҳис этади ўзини. Сабаби, ҳар қадамда янгидан-янги манзараларга дуч келади. Ҳар бир дарахт ва буталар ўзига хос ландшаф дизайнида шакл берилган. Ҳар бир ўриндиқ, йўлаклар, болалар ўйингоҳлари, бадантарбия майдонлари алоҳида дид билан ишланган. Одамлар “Tashkent City Park”га асосан кечки пайт кўпроқ тўпланишади. Сабаби, куй ва чироқ ёғдуларига ҳамоҳанг рақсга тушаётган мусиқали фаввора тунда ажойиб жозибага эга бўлади.

Tashkent Cityнинг яна бир алоҳида жиҳати унда Ўзбекистондаги илк осмонўпар бинолар қад ростлаётганидир. Аслида сейсмик жиҳатдан 40 қаватдан ортиқ бинолар қуриш мумкин бўлмаган Тошкентда ҳатто 50 қаватли иншоотлар қуриш кўзда тутилган.

Ҳозирда бир-бирига кўприк билан уланган “Hilton” меҳмонхонаси Kongess-hall ўз ишини бошлади. “Gardens Residence”, “Nest One”, “Central Plaza”,“Hyper Partners Center” каби Марказий Осиёда ягона бўлган йирик объектлар қурилиши кутилмоқда.

Tashkent City хорижий ишбилармонлар яшаши ва ишлаши учун, айниқса, жуда қулай. Чункитурар жой бинолари ёнида болалар боғчаси, халқаро мактаб ва соғломлаштириш марказлари жойлашмоқда. 40 қаватли бинолар ичида офислар, квартиралар, меҳмонхона ва гипермаркетлар ўрин олади.

Қисқача айтганда, Tashkent City мега лойиҳаси Тошкент шаҳрининг тараққиёт маркази, Осиёда ягона ишбилармонлик нуқтаси, хорижий ва маҳаллий инвесторлар истиқомат қиладиган замонавий шаҳарча бўлиши аниқ.